Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Янги Ўзбекистон Конституцияси: амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Янги Ўзбекистон Конституцияси: амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар” мавзуида илмий-амалий конференция ўтказилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида ўтказилган анжуманда депутат ва сенаторлар, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари, Конституциявий суд судьялари, илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари, олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Конференцияни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов кириш сўзи билан очиб, ўтган йили 30 апрелда бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилганини, Президентимиз конституциявий ислоҳотларнинг ҳам ташаббускори, ҳам илҳомлантирувчиси бўлганини алоҳида қайд этди.   

Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги Конституция билан Ўзбекистонда янги ижтимоий-сиёсий муҳит шаклланди, давлат ўзига улкан ижтимоий-иқтисодий мажбуриятларни олди, мамлакат ўзини ижтимоий давлат сифатида эълон қилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмлари татбиқ этилди. Давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг самарали янги модели жорий қилинди.

Конституциямизда муайян меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлигидан ёки қабул қилинмаганлигидан қатъий назар, Бош қомусимиз қоидаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш орқали демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш механизмлари мустаҳкамланди.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид аниқ нормалар сони уч баробардан зиёд кўпайди. Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқлари кенг кўламли масалаларни қамраб олган нормалар билан янада мустаҳкамланди.

Маълум қилинганидек, Давлат раҳбарининг тегишли Фармони асосида Асосий қонунимизни амалга ошириш бўйича Давлат комиссияси ташкил этилди, 5 та экспертлик кенгашлари тузилди. 

Анжумандан сўзга чиққан, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосари Бекзод НАРИМАНОВ, Янги таҳрирдаги Конституцияда шахсни суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб туриш мумкин эмаслиги, одамларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш билан боғлиқ барча ҳаракатларга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши, айбланувчи ва судланувчиларнинг “сукут сақлаш” ҳуқуқи, адвокатлар мақомини терговчи ва прокурор билан тенглаштирилиши, муҳтож фуқароларга нафақат жиноят ишлари доирасида, балки фуқаролик, меҳнат ва бошқа соҳаларда ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқи мустаҳкамланганлигини қайд этди.

Тадбирда янги таҳрирдаги Конституцияни изчил амалга ошириш бўйича устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди. Унинг мазмуни ҳар бир давлат хизматчисининг кундалик фаолиятида, инсонлар ҳаётида аниқ акс этиши зарурлиги қайд этилди. Мазкур жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтиришга келишиб олинди.

Муҳокамаларда иштирокчилар томонидан аниқ таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.